Бадавлат Жошуа оддий уйда яшайди?

Энтони Жошуа – Британия боксининг асосий юлдузи. У Лондон-2012 нинг Олимпия чемпиони, Владимир Кличкони нокаутга учратиб, нафақага жўнатган шахс, профида ҳеч қачон ютқазмаган ва оғир вазндаги барча камарларни қўлга киритган (WBA, IBF, WBO ва IBO).

Ўзининг ғалабаларидан кейин каттагина пулга эга чиқади: мисол учун Александр Поветкин билан ўтказилган сентябрь жангида 20 миллион доллардан кўпроқ пул ишлаб олган.

Титилган диван, кир ўриндиқ, алкогольсиз ҳаёт...

Айни пайтда Энтони Америка рингидаги дебюти ва навбатдаги камар ҳимояси учун тайёргарлик кўряпти. 1 июнь куни Жаррелл Миллер билан Нью-Йоркда учрашади ва янги аудитория йиғишга ҳаракат қилади. Айни кунларда Жошуа ёзги жангнинг тайёргарликлари билан банд. Агар уни машғулотлардан кейин ўзининг ҳашаматли вилласида ҳордиқ чиқаради деб ўйласангиз, қаттиқ адашасиз. 

Энтони 7 йилдан бери жанглар учун Шеффилдда тайёргарлик кўради ва оддийгина бўлган 2 хонали уйда яшайди. Ушбу ҳафтада у ўзининг камтарона уйини бошқаларга ҳам намойиш қилди.

Жошуанинг меҳмонхонасида ортиқча нарса кўзга ташланмайди. Қора диван, бир жуфт оромкурси, телевизор... Жиҳозлар ҳам антиқа эмас: диваннинг ҳар ери титилиб кетган, оромкурсиларда эса қаҳвадан қолган доғ бор... Аммо Энтони буларнинг барчасидан рози: "Бузилмаган нарсани таъмирлаш керак эмас" деган мақолни биласиз-ку! Ушбу ўриндиқлар жуда қулай ва менга яхши хизмат қиляпти.

Уларни алмаштириш учун эҳтиёж йўқ. Ушбу оромкурсиларга ўрнашиб олганча ҳордиқ чиқараман. Уларнинг бу ерда турганида 7 йилдан ошди. Бу менга керакли нарсанинг барчаси бу!" дейди бокс юлдузи. 

 Жошуанинг меҳмонхонасидаги энг қиммат нарса – унинг Normatec ўриндиғи бўлиб, спортчи ушбу жиҳоз ёрдамида машғулотлар орасида пульсни қайта тиклайди ва дам олади. Мазкур курсининг нархи эса 130 долларга тенг. 

Ошхона ҳам жуда оддий. Электрик плита, стол, совутгич... Совутгичнинг ичи эса сабзавотлар, янги сиқилган шарбат, кокос суви ва Supermalt ичимлиги билан тўла. Бу ерда бирортда спиртли ичимлик мавжуд эмас.

Спортчининг хонаси кўпроқ омборхонага ўхшаб кетади, унга бир кишилик каравот жойлаштирилган. Бу ерга бошқа нарсанинг ҳам сиғиши қийин. Энтони кураш аввалидан шундай шароитда бўлишни ёқтириши ҳақида айтди: "Мен оғир иш кунидан кейин шундай дам оламан, машғулотлар, спарринг ва рингда эришмоқчи бўлган нарсаларим ҳақида ўйлайман. Бу ер жуда сокин жой ва менга ҳеч ким ҳалал бермайди". 

Яна бир ётоқхона сал каттароқ – бу ерда икки кишилик каравот бор, дераза ортида чиройли манзарани кўриш мумкин. Ушбу хонада эса спортчининг менеджери Дэвид Ганс яшайди. 

Жошуа ўзининг машғулотлар уйидан жуда мамнун. Унинг айтишича, шароитдаги минимализм диққатни бир ерга жамлаш ва фақат ғалаба ҳақида ўйлаш, ютуқларга эришиш учун ёрдам беради. Ушбу уйнинг энг яхши томони – залга жуда яқинлигидир. Бунинг учун шунчаки уйдан чиқиш, машинага ўтириб, тепаликдан икки дақиқалик йўл билан пастга тушиш керак ҳолос.

"Ҳамма мендан нима учун бундай шароитда яшашим ҳақида сўрайди. Мен эса шу нарса менга ёқиши ва унинг иш беришини айтаман. Бу ерлар жуда тинч. Ҳар кимнинг ўз ҳудуди бор. Уҳлашим учун жой, ейишга таомим мавжуд. Уни сўзсиз равишда машғулотлар учун энг яхши жой дея айта оламан".

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас