Эртуғрул ва унинг авлодлари

Усмон ибн Эртуғрул – Усмонийлар давлати асосчиси бўлиб, у мусулмонларга мўғуллар ҳужуми натижасида Боғдод ва Аббосийлар халифалиги билан йўқотилган барча нарсаларни қайтариб берди.

Тарихнинг энг йирик империяларидан бири бўлмиш Усмонлилар давлатига асос солиш учун Эртуғрул ва унинг фарзанди томонидан мустаҳкам асос барпо қилинди. Ўтмишдаги аксарият мусулмон ҳукмдорлари, қўмондон ва саркардалар шуҳрат шохсупасига чиқа олганлар-у аммо уни ворисларга қадар етказиб бериш барчанинг ҳам қўлидан келмаган.

Саноқли ҳукмдорлар эса ушбу меросни авлодларга бир неча асрларга етгулик қилиб қолдира олганлар. Бу каби тарихий инсонлардан бири – Усмон ибн Эртуғрул ибн Сулаймоншоҳ ат Туркмоний эди. Уни Усмон I сифатида ҳам жуда яхши биламиз. Ушбу тарихий шахс Усмонлилар давлатининг биринчи ҳукмдори бўлиб, Эртуғрулнинг ўғлидир. Унинг оиласи аслида туркман кўчманчиларидан келиб чиққанди.

Усмон ибн Эртуғрул – Усмонийлар давлати асосчиси бўлиб, у мусулмонларга мўғуллар ҳужуми натижасида Боғдод ва Аббосийлар халифалиги билан йўқотилган барча нарсаларни қайтариб берди.

Усмон ибн Эртуғрул 1258 йилнинг 9 май куни дунёга келган. Қарангки, айнан шу куни Бағдод мўғулларнинг қўлига тушган. Аббосийларинг охирги халифаси ўлдирилган куни кейинчалик халифалик давлатини қайта тиклайдиган чақалоқ дунёга келди. Маълумотларга кўра, Усмон I нинг туғилган маскани Сёгютдир.

Усмонли қабилаларининг бу ерларга келиб қолиши ва ўз ҳукмронлигини ўрнатишига асосий сабаб Чингизхон қўл остидаги мўғул ҳукмдорлари боис салжуқийларнинг Византия империяси чегаралари томон силжишга мажбур бўлганларидир. Салжуқийлар билан бирга бу ерга Эртуғрул ибн Сулаймоншоҳ ҳам келиб ўрнашди. У табиатан жасур жангчи бўлиб, ўз қабиласининг ажойиб етакчиси ҳам эди. Эртуғрул ўзи билан бу ерга яна 340 нафар қабиладошларини ҳам олиб келган. Эртуғрул салжуқийлар давлати ва унинг ҳукмдори Аловуддин Кайкубод ибн Кайхусрав ибн Қилич Арслонга ҳамиша содиқ хизмат қилган. Унинг мардлиги ва жасоратидан ҳайратга қолган Султон Аловуддин Эртуғрулни ўз ёнига чақириб, жангларда забтэтган ҳудудларнинг ноиби дея эълон қилади.

Айрим турк афсоналарида айтилишича, Эртуғрул мўғуллардан чекиниш пайтида дарёдан ўтаётган вақт отасидан айрилган ҳамда Форс ўлкасига қайтган.

Отасининг ўлимидан кейин Эртуғрул ўз қабиласининг етакчисига айланди ва халқини Эрзинжануга олиб борди. яшаш учун Анқара ғарбидан муносиб жой излаш жараёни кўп давом этди. 1231 йилда эса султон Аловуддин буйруғи билан Сёгут ҳукмдорига айланди.

Сафар давомида ўз жангчилари билан бирга тоғ чўққисида тин олиб, бироз ҳордиқ чиқаради. Шу пайт сал нарида унга нотаниш бўлган икки қўшин вакилларининг курашаётганларини кўриб қолади.

Ўз одамлари билан маслаҳатлашиб олган Эртуғрул заифроқ кўринган қўшин ёнига бориб, уларга ёрдам беради ва жангда ғалаба қозонади. Ўзининг отлиқлари билан тоғ чўққисига қараб чиққанча, душманлар устидан тўлиқ устунликка эга бўлади.

Кейинчалик аниқ бўлишича, мазкур жангдаги унинг душманлари – мўғул Ўрдаси аскарлари эди, ушбу ғалаба учун эса ундан Аловуддин Кайкубод II нинг шахсан ўзи қарздор бўлиб қолганди. Султон Эртуғрулни мукофотлаш мақсадида унга ёзги қўним учун Тунамиж ва Эрмени тоғлари, қишда яшаш учун эса Сёгютни беради.

Мазкур ҳудудлар яқиндагина салжуқийлар томонидан Византияликлардан олинган бўлиб, бу ерларнинг эгасига айланган Эртуғрул уни қайтариб олишга уринаётган византияликларнинг доимий ҳужумлари билан тўқнаш келарди. Кайкубод Византия йўналишида ҳарбий сафарлар қилган пайти ҳамиша Эртуғрул ва унинг жасур жангчиларига ишонган ҳолатда иш кўрган. 

Эртуғрулнинг шарофати билан эса бир неча марта ўз ерларини кенгайтириб, Византия ташқарисидаги ҳудудларни ҳам қўлга киритади. Ҳар сафарги ғалабадан кейин Султон Эртуғрулга янги ерларни совға қилар ва қимматбаҳо совғалар билан сийларди.

Эртуғрул Кай қабиласидан эди. Султон Аловуддин Эртуғрулга ўз қабиласи билан Византиянинг Вифин провинциясига келиб ўрнашишни буюради. Аслида бу салжуқийларнинг ўзига хос сиёсати бўлиб, бу орқали империя чегараларига Марказий Осиёдан кириб келмоқчи бўлган туркманларнинг йўлини тўсиш режа қилинган.

Шу тариқа чегара ёнига кучли ва тажрибали жангчилар гуруҳи келиб ўрнашган. Бу эса салжуқийларнинг ҳудудларини янада кенгайтириш ва чегарадан бехавотир яшаш учун имкон берган.

Ўша пайтларда Усмонлилар ҳудуди 4800 квадрат километрга тенг жой бўлиб, мўғул аскарлари сустлашган пайтларида бир нечта бейликлар ўрнатилган. Ушбу князликнинг жангчилари кўп ҳолатларда бир-бирлари билан урушар эдилар, аммо Усмонлиларнинг асосий мақсади Византия ерларига қаратилган эди.

Тез орада Эртуғрулнинг қўшини салжуқийлар орасида катта шуҳратга сазовор бўлди, сабаби у ҳамиша уруш пайтда Султоннинг олд томонида мардларча юриб борар эди. шу тариқа Эртуғрул ўз умрини урушлар ва ҳарбий сафарларда ўтказади, ”Ғозий” деган номга сазовор бўлди.

1230 йилдан бошлаб салжуқийлар султони номидан авваллари Усмон бейлиги дея аталган ерларни бошқаришга киришади, ҳудуд маркази эса Византиядан тортиб олинган Сёгют шаҳри эди. Бу пайтда салжуқийлар империяси аста-секинлик билан заифлашиб, Усмонлилар бейлиги кучайиб боради.

Эртуғрулнинг ўлимидан кейин Султон Аловуддин унинг ўғли Усмонга шоҳона либос ҳамда шамшир юбориб, отасининг ўрнига ҳукмдор этиб тайинлади.

Усмон ибн Эртуғрул ўз отасининг ҳақиқий ворисига айланди. Ўз қабиласи ва бейликни аъло даражада бошқарди, ҳарбий сафарларни давом эттирди, 1289 йилда Кара шаҳрини қўлга киритди. Ушбу ғалабадан сўнг султон Аловуддин унга ”Бек” унвонини берди, ўзи забт этган ҳудудларнинг ҳукмдори деб эълон қилинди. Унга ўз исми билан пул зарб қилдириш ва хутба пайтида номини тилга олиш учун рухсат берилди. Шу тариқа Усмон мазкур ҳудудларнинг тўлақонли ҳукмдорига айланди, тез орада Янгишаҳарни ва бошқа кўплаб ҳудудларни қўлга киритди.

Тақдир ишини қарангки, орадан кўп ўтмай Усмон султон Аловуддин томонидан бошқарилган салжуқийлар ўлкасининг ҳукмдорига ҳам айланди. Мўғуллар кутилмаган тарзда Конияга ҳужум қилдилар (бу салжуқийлар мамлакатининг пойтахти эди), жанг пайтида султон Аловуддин ҳам, унинг ўғли Ғиёсиддин ҳам ҳалок бўлди.

Ўша пайтларда салжуқийлар орасида Аловуддиннинг ўрнини боса оладиган Усмон ибн Эртуғрулдан бошқа бирор инсон бўлмаган. Шу сабабли уни янги Султон деб эълон қилдилар. У авваллари Аловуддин ҳукмида бўлган барча ерларни қўлга киритди, қаршисида катта имкониятлар эшиги очилди. Усмонийлар сулоласи подшоҳига айланди, Эски шаҳарни давлат пойтахтига айлантирди ва дарҳол уни ривожлантириш учун ҳаракатга киришди.

Улар айрим пайтларда Византия ҳудудларига бориб дўстона алоқалар ўрнатишга ҳам уриниб кўришади. Аммо умумий олиб қарайдиган бўлсак, Усмонлилар ўз мамлакатлари ҳудудини Византия ерлари ҳисобига кенгайтирганлар. Уларнинг яна бир мақсадлари эса Ислом динини имкон қадар кўпроқ жойга тарқатиш бўлган.

Айтишларича, салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубод вафот этгандан кейин Конияда барча вазирлар, давлат арбоблари ва бошқа нуфузли одамлар йиғилишган. Улар бир овоздан бу ўринга Усмон ибн Эртуғрулни тавсия қилганлар, шу тариқа Усмон салтанат ишларини ўз зиммасига олган.

Эртуғрул мероси

Эртуғрулнинг энг катта мероси – бу унинг ўғли эди. Усмон ибн Эртуғрул ўша вақтларда дунёдаги энг катта империялардан бирини ярата олди, Анатолиядаги бошқа князликлар бир-бирлари билан урушаётган пайтларда Усмон Византия империясига қарши борди. салжуқийлар султони буйруғига кўра, византияликларга қарши айрим ҳудудлар хавфсизлиги учун маъсулиятни ҳам ўз бўйнига олди.

Кураш давомида айрим қабилалар унинг одамларига келиб қўшилишди.

Унга салжуқийлар томондан берилган тўлақонли ҳокимият билан Усмон I нинг ўзи ҳам қўшни давлатлар, аҳоли масканларини забт қила бошлади. Бу пайтда Анатолия салжуқийлари мўғулларга қарши бош кўтарган, аммо уларни енга олмагандилар. Султон Кайкубод III қочиб кетганди, шу тариқа салжуқийлар ”етакчи”сиз қолиб кетавергандилар.

Усмон ибн Эртуғрул эса ушбу вазиятдан оқилона фойдаланганча мустақил ҳаракат қилишни бошлади ва 1298 йилнинг 27 январь куни ўзининг мустақил эканлигини эълон қилди.

Афсоналарнинг хабар беришича, империя асосчиси Усмон ибн Эртуғрул жуда узоқ умр кўрган ва 1281 йилда, 90 ёшида вафот этган.

Шу тариқа Эртуғрул ҳам, унинг ўғли Усмон ҳам тарихда жуда катта из қолдира олдилар, уларнинг саъй-ҳаракатларидан кейин Усмонлилар давлати ташкил топди ва унинг ҳудудлари кенгайди. Ушбу тарихий инсонлар номи эса асрлар давомида барҳаёт қолишга тақдим этилди...

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас