Гулнора Каримова билан учрашишга рухсат берилди

Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати, Женевадаги Mangeat Attorneys at Law адвокатлик идораси эгаси ва раҳбари Грегуар Манжа мижози билан учрашишга рухсат берилганини маълум қилди.

“Гулнора Каримова2016 йил. Биринчи марта Гулнора Каримова билан учрашишга рухсат берилди. Тошкентда икки кунлик эшитиш. 20 соатдан ортиқ. Икки нафар ўзбек адвокатлари шу икки кун мобайнида битта сўз айтмади. Сокин адвокатлар. Қийноқ остида. Ўзбошимча адолат...”, дея ёзган Каримованинг адвокати. 

Эслатиб ўтамиз, Манжа 1 апрель куни твиттердаги саҳифасида Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидаги 21-жазони ўташ колониясига боргани ҳақида хабар қолдирган эди. Гулнора Каримова айни вақтда Зангиотадаги 21-рақамли аёллар колониясида эканлиги айтилмоқда. 

Маълумот ўрнида, 2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берган: Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, яъни биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилгани ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани маълум бўлганди. 

Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Тергов маълумотларига кўра, Каримова жиноий шериклари ёрдамида 12та хорижий мамлакатда 1,3 миллиард АҚШ доллар, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдорида активларни қонунийлаштирган. 

Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган. 

Ўзбекистоннинг янги ҳукумати инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда Гулнора Каримовага имкон беради ва жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Гулнора Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилади. 

Аммо шу йилнинг март ойида Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилгани, шунингдек турар-жойни тарк этмаслик, алоқа ва интернет воситаларидан фойдаланмаслик каби чекловларни ҳам қўполлик билан бузгани учун уй қамоғидан умумий режимдаги колонияга ўтказилди.

Грегуар Манжа мижози Гулнора Каримова билан муқаддам икки марта — 2016 йил декабри ва 2018 йили апрелида учрашган. У 2018 йилнинг ёзида Каримова ва унинг сақланиш шароити ҳақида баъзи тафсилотларни маълум қилган, унга кўра, апрелдаги учрашуви давомида мижозининг кайфияти ўзгарувчан бўлиб қолгани, шунингдек, унинг толиққани сезилгани, қабул қилган дорилари таъсирида суҳбат давомида диққатини жамлай олмагани ҳақида ёзганди. 

Бундан аввалроқ Worldnews.uz ахборот агентлиги Каримова колонияга ўтказилгач, ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас