“Шереметево” аэропортида самолёт ёниб кетди, 13 киши ҳалок бўлди

Москвадаги “Шереметево” аэропортида Мурманск шаҳрига кетаётган Sukhoi Superjet 100 йўловчи самолёти фавқулодда қўнишни амалга ошираётган вақтда ёниб кетди.

Маълум бўлишича, Москвадан Мурманскка парвоз қилаётган Sukhoi Superjet 100 йўловчи самолёти Шереметьево аэропортига қайтишига тўғри келган. “Аэрофлот”га қарашли самолёт ҳавога кўтарилгандан бироздан кейин қўнишга рухсат сўраган. Бунга самолёт қанотининг ёнаётгани сабаб бўлган.

Лайнер аэропортдан Москва вақти билан 18:00да учган, сўнгра Москва вилояти устида бир неча марта айланиб, кейин кескин пасая бошлаган. Самолёт 18:40да қўнишни амалга оширган.

Ёнғин қўнган самолётни қамраб олган, йўловчилар ҳаво кемасини шошганча тарк эта бошлашган. Тергов қўмитасида маълум қилинишича, воқеа оқибатида 41 киши, шулардан 2 нафар бола ҳалок бўлган, 19 киши жароҳат олган. Йўловчиларнинг бир қисми тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Воқеа жойига камида 10 та тез тиббий ёрдам машинаси йўналтирилган. Сўнгги маълумотларга кўра, самолётда 73 йўловчи ва 5 кишидан иборат экипаж бўлган. Айни вақтда ёнғин ўчирилган. Тергов қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрининг "Шереметьево" аэропортида самолётнинг фавқулодда қўниши оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга ҳамдардлик мактуби йўллади.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия ва ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайишларини тилади.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас