Олий суд раиси: “Камера қаршисида журналист саволига жавоб бериш осонмас”

Тадбирда Олий суд раиси Козимжон Комилов сўзга чиқди.

Айни дақиқаларда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Суд органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш”  мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Олий суд раиси Козимжон Комилов сўзга чиқди.

▪️"Суд тизими шу пайтгача эшиклари ёпиқ идора эди. Ҳозир эса суд биноларига барча фуқаролар, жумладан, журналистлар ҳам кириб чиқиши мумкин бўлди".

▪️"Матбуот хизматимиз бор-йўғи 2 кишидан иборат. Вилоятларда ҳам ахборотга масъул вакилларимиз йўқ".

▪️"Камералар қаршисида журналистларнинг саволларига жавоб бериш осонмас. Судяларимиз бунга энди-энди ўрганишяпти".

▪️"Журналистлар билан ҳамкорлик қилишдаги энг катта муаммо – берилаётган материалларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш. Қонуний кучга кирмаган нарсани матбуотда чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ".

▪️"Журналистларнинг суд мажлисига киритилмагани ҳақида менга ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган. Агар шундай ҳолатлар бўлса, биз муаммони ҳал қилиб берамиз".

▪️"Ахборот эркинлиги ва журналистлар фаолиятини тартибга солувчи қонунларни қайта кўриб чиқиш керак".

▪️"Судяларимизнинг ўзи ҳам кўп янглишади. Ҳали қонуний кучга кирмаган ҳужжатларни асос қилиб гапириб қолишади. Тўғри, улар ёш, ўзини кўрсатгиси келади. Лекин профессионал этикага риоя қилиш керак".

▪️"Очиқ суд мажлисларига ОАВ вакиллари киритилиши мумкин. Сизнинг (*журналистларнинг) фаолиятингизга ҳеч қандай тўсқинлик қилинмайди, фақат ички тартибга риоя қилсангиз, кифоя. Ёпиқ суд мажлисларида эса журналистлар иштирок этиши мумкин эмас. Ёпиқ суд мажлисларига ҳатто мени ҳам киритишмайди".

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас