Умид Аҳмаджонов МОҚдан кетдими?

Бугун, 15 май куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Worldnews.uz ахборот агентлигига яқин манба маълум қилди.

Миллий олимпия қўмитасида бугун йиғилиш ўтказилган ва ундан МОҚнинг сўнгги вақтлардаги фаолияти танқид қилинган. Ушбу йиғилишда МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджоновнинг мазкур лавозимга лойиқлиги масаласи кўтарилган. Йиғилишда қўмита Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиш таклифи киритилган.

Бош Ассамблея йиғилиши тез орада бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда Миллий олимпия қўмитасига янги президент сайланиши мумкин. Ҳозирча аниқ номзод бўлмагани учун, Ассамблея йиғилиши бошланмаяпти. Федерациялардан бу борада ўз номзодларини таклиф қилиш сўралган. Бугун кечки вақтда Умид Аҳмаджоновнинг МОҚдаги тақдири ҳал бўлиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, Умид Аҳмаджонов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон футбол ассоциациянинг биринчи вице-президенти лавозимида ҳам фаолият юритади. Аҳмаджоновнинг мазкур лавозимдан ҳам кетгани ёки қолгани борасида аниқ маълумотлар берилмади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 10 январь куни Алишер Султонов ўрнига Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси сифатида иш бошлаган Умид Аҳмаджонов 1977 йил 16 май куни туғилган. Аҳмаджонов эртага 42 ёшга тўлади. Умид Аҳмаджонов яқинда Марказий Осиё футбол федерацияси президентлиги лавозимидан ҳам озод этилган эди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас