Расман! Умид Аҳмаджонов МОҚдан кетди, лекин ЎФАда қолди

Аввалроқ, 15 май куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумотга кўра, Умид Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитасидаги лавозимини тарк этган. Бу ҳақда шахсан Умид Аҳмаджонов ўзи Worldnews ахборот агентлигига маълум қилган. 

Миллий олимпия қўмитасида бугун йиғилиш ўтказилган ва ундан МОҚнинг сўнгги вақтлардаги фаолияти танқид қилинган.

Ушбу йиғилишда МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджоновнинг мазкур лавозимга лойиқлиги масаласи кўтарилган. Йиғилишда қўмита Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиш таклифи киритилган. 

Бош Ассамблея йиғилиши тез орада бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда Миллий олимпия қўмитасига янги президент сайланиши мумкин. Ҳозирча аниқ номзод бўлмагани учун, Ассамблея йиғилиши бошланмаяпти. Федерациялардан бу борада ўз номзодларини таклиф қилиш сўралган. 

Маълумот ўрнида, Умид Аҳмаджонов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон футбол ассоциациянинг биринчи вице-президенти лавозимида ҳам фаолият юритади. Аҳмаджоновнинг мазкур лавозимдан ҳали кетмади.

 Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 10 январь куни Алишер Султонов ўрнига Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси сифатида иш бошлаган Умид Аҳмаджонов 1977 йил 16 май куни туғилган. Аҳмаджонов эртага 42 ёшга тўлади. Умид Аҳмаджонов яқинда Марказий Осиё футбол федерацияси президентлиги лавозимидан ҳам озод этилган эди.

Бироздан сўнг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ташкилотнинг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтади. Унда ташкилотнинг ҳозирги раҳбари Умид Аҳмаджонов истеъфога чиқиши кутилмоқда.
Катта эҳтимол билан унинг ўрнига Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов МОҚ президентига айланади. Бундан ташқари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимовнинг ҳам ушбу лавозим учун номзоди кўриб чиқилган.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас