Диёр Имомхўжаев: Кўрпамизга қараб оёқ узатишимиз керак

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги шахсий саҳифасида клубларга бириктирилган ҳомийлар ҳақида фикр билдириб ўтди.

“Чемпионат савияси тушиб кетиши учун, клубларда молиявий муаммолар бўлиши лозим. Улар ўзи билан ўзи овора бўлиб, сифат ҳақида ўйлай олмайди. Демак, ЎзПФЛ ёки умуман ЎФАга нисбатан ишончсизлик келтириб чиқаришнинг йўли бор — футбол клубларини пулдан сиқиб қўйиш.

Узоққа бормасдан, таҳминан 3-4 йил аввалги ҳолат билан бугунгисини солиштиришга ҳаракат қиламиз. Шунча йиллар олдин қуйидаги клубларнинг йиллик сметаси таҳминан шундай кўринишда бўлган:

“Бунёдкор” — 50 млрд сўм

“Насаф” — 40 млрд сўм

“Бухоро” — 25 млрд сўм

“Маъшал” — 20 млрд сўм

“Шўртан” — 18 млрд сўм

“Нефтчи” — 18 млрд сўм

Сўнгги икки йилда эса бу рақамлар қуйидагича ўзгарди:

 

“Бунёдкор” — 14 млрд сўм

“Насаф ” — 13 млрд сўм

“Бухоро ” — 13 млрд сўм

“Маъшал ” — 8 млрд сўм

“Нефтчи” — 8 млрд сўм

“Шўртан” — 6 млрд сўм

 

Икки йил аввал айтилган 25 млрд бизнинг шароитда яхши клуб учун етарлича сумма. Бунинг  ичида аёллар, футзал, сифатли академияларни шакллантириш мумкин. Бироқ клублар ҳозир мавсумдан мавсумга етиб олса катта гап. Мана шундай аҳволда ҳам юқоридаги клублардан айримлари футболчи ва мураббийлар олдидаги мажбуриятларини бажарди.

Мана энди ўйлаб кўринг, ўша йиллар давомида клублар нима қилди? Уларни ким назорат қилди? Пуллар қандай мақсадларда сарфланди? Ва ҳозир-чи? Биз бор-йўғи 6 клубни мисол тариқасида келтирдик. Шугина смета билан улардан академия талаб қиляпмиз, бечора клублар аёллар ва футзал жамоалари ҳам қилиши керак. Ҳокимиятлар вилоят ФА учун маблағ бериши ўлим билан баробар.

 

Клубларни шу қадар сиқиш эвазига ОЧЛда йўлланмаларимиз сони ошиши керакмиди? Чемпионлар лигасида тўп сураётган араб ва Шарқий Осиё жамоаларининг сметалари ҳақида эшитганмисиз? Улардаги 1 та кўрсаткич билан Суперлиганинг ярим клубини 1 йил боқиш мумкин. Кўрпамизга қараб оёқ узатишимиз мантиқлироқ. Аввал клублар 100 километрга 20 литр ёқилғи ишлатган бўлса, ҳозир 7-8 литр бериб, ОФК талабларидан ортда қолмаслик учун шу ёқилғи билан 130-140 км йўл босишни сўраяпмиз. Савол: балиқ қаеридан бошлаб оқсаяпти?

Биз клублар хусусий бўлиши, давлат корхоналари уларни молиялаштирмаслиги керак”, -деб ёзади Имомхўжаев.

 

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас