Ўзбекистонда транспорт соҳасини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Транспорт вазирининг жорий йил биринчи чорагида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар берди.

Қайд этилишича, вазирлик томонидан соҳада меъёрий-ҳуқуқий базанинг тўлиқ шаклланмаганлиги, транспорт тизимининг мувозанатсизлиги, кадрлар етишмаслиги, соҳага инновацияларни жорий этиш даражаси пастлигини инобатга олиб, уларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилган.

Бугунги кунда мазкур ишчи гуруҳи томонидан транспорт соҳасини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифати ва сонини ошириш юзасидан иш олиб бориляпти.

Аҳолининг узоғини яқин қилиш мақсадида жорий йил давомида 107 та янги йўналиш очиш режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар 10 та автобус йўналиши очилган. Сўнгги 20 йил давомида мамлакатимизда мунтазам халқаро маршрутлар мавжуд эмас эди. Айни пайтда бу борадаги ишлар янада жадаллашиб, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлар билан боғловчи 14 та йўналиш фаолияти йўлга қўйилди.

Мажлисда сенаторлар томонидан вазирлик фаолияти самарадорлиги ҳамда белгиланган айрим вазифаларнинг ижроси тўлиқ таъминланмагани қайд этилди. Жумладан, Жаҳон банкининг Logistic perfomance Index Логистика самарадорлиги индекси методологиясига мувофиқ, республика транспорт-логистика комплекси ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш ишлари ўз вақтида бажарилмаяпти.

Бу бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганига қарамасдан, баҳолаш мезонларини ўрганиш вазифаси бажарилмаган. Шу билан бирга, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нинг тартибга солиш функциялари, вазифалари ва ваколатларини Транспорт вазирлигига ўтказиш юзасидан Ҳукумат қарори қабул қилинмаган.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмита аъзолари томонидан фикр ва муносабатлар билдирилди. Атрофлича жавоблар олинди. Белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас