Тошкентда ИИВ ходимлари 57 ёшли фуқарони “бомж”, дея гумонлаб калтаклади

Тошкентда ИИВ ходимлари “Тоза ҳудуд” унитар корхонасининг 57 ёшли ходими Бахтиёр Маматовни “уйсиз одам” дея гумон қилиб калтаклашди.

Ҳодиса 9 апрель куни соат 22:00 атрофида “Лисунова” номидаги кинотеатр яқинида содир бўлган. Баҳтиёр Маматов уйга қайтаётган пайтда патруль-пост хизмати вакиллари уни тўхтатганлар ва “уйсиз киши” дея ўйлаб бирга кетишлари кераклигини айтишган.

“Мен уларга “бомж” эмаслигимни, кўча супурувчи бўлиб ишлашим, шу сабабли либосларим кир эканлигини айтдим. Ишдан уйга қайтаётганимни тушунтирдим. Аммо улар мени таёқ билан савалаб кетишди. Хушимдан айрилдим ва ерга йиқилдим”, дейди жабрланувчи.

Маматовнинг сўзларига қараганда, милиция ходимларига шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатишига қарамай, уни қонга белангунча калтаклаганлар. Жабрланувчи қўшниларининг тавсиясига кўра, ОАВга мурожаат қилган, аммо ўзи яшайдиган Яшнобод тумани ИИБга шикоят ёзмаган.

“Ким менинг шикоятимни эшитади? Менинг ҳеч кимим йўқ, бир ўзим яшайман. Милиционерларга ўзларининг ҳамкасблари устидан шикоят қилсам мени ҳимоя қилишади деб ўйлайсизми?”, дейди жабрланувчи.

Журналистлар бу воқеа ҳақида Ўзбекистоннинг Бош прокуратурасига мурожаат қилганлар.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас