Саид-Абдулазиз Юсупов ишига оид янги маълумотлар пайдо бўлди

Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсуповга тергов давомида жисмоний қийноқ ёки руҳий тазйиқлар бўлмаган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.

Унга кўра, 2019 йилнинг 10 май куни Юсупов Саид-Абдулазиз Камолиддинович Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб ушланган ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Журналист Саид-Абдулазиз Юсупов ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, фирибгарлик йўли билан фуқаролардан 65 минг, 28 минг ва 15 минг АҚШ доллари олганликда гумон қилиниб, қўлга олинди. 12 май куни ДХХ Тергов бошқармаси томонидан С.Юсупов жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали томонидан ўтказилган 16 майдаги хулосасида, С.Юсуповда қон-томир касаллиги аниқланган бўлсада, айбланувчининг саломатлиги ҳолати унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўлланилиши ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслиги кўрсатилган.

7 июнь куни айбланувчи С.Юсуповнинг онаси Ж.Бакаева Бош прокуратура раҳбарияти қабулида бўлиб, тергов жараёнида ўғли жисмоний қийноққа солинаётганлиги ҳақида мурожаат қилган ва ўғлини унинг ҳимоячиси иштирокида тиббий кўрикдан ўтказишни сўраган.

8 июнь йилда Бош прокуратура томонидан ҳимоячи А.Шаймардонов ва тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор Д.Рахматуллаев иштирокида мутахассис-шифокорларни жалб қилган ҳолда айбланувчи С.Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилганда, унинг танасида бирон-бир тан жароҳати ёки қийноқ аломатлари аниқланмади.

С.Юсупов ўз ҳимоячиси А.Шаймардонов иштирокида ихтиёрий берган ёзма тушунтиришида унга нисбатан тергов жараёнида ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлигини, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганлигини билдирди.

Маълумот ўрнида, ижтимоий тармоқлар, бир қатор электрон ва босма нашрларда танқидий чиқишлари билан танилган журналистнинг укаси Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов эса терговга қадар эълон қилинмаган Саид-Абдулазизнинг видеомурожаатини ижтимоий тармоққа юклаганди.

Журналист видеомурожаатдаги ўз сўзида ҳар гал Президентнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаши, аммо бу ҳаракатлари учун босимда қолаётганини айтган. Хусусан, Юсупов ўзининг қамалиши ёхуд ҳаётига хавф етиши каби фаразларни илгари суриб, Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган.

Саид-Абдулазиз Юсупов ижтимоий тармоқлардаги кескин баёнот ва туркум кўрсатувлари билан машҳур бўлганди. Унинг муаллифлигида эълон қилинган “Оқ ва Қора” туркум кўрсатувида мамлакат раҳбари сиёсатини қўллаб-қувватлашга чорлов бўлиши билан бирга, ислоҳотларнинг самарали олиб борилишига халақит қилувчи камчиликлар эътироф этилган. Шунингдек, Юсупов бир қатор таҳлилий ва танқидий мақолалар билан ОАВда чиқишлар қилиб келади.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас