Кўнгилдаги дард: “Тошкент фақат тошкентликлар учунми?”

Вилоятдан Тошкентга келиб, пропискадан ўтмагансиз-у, сизни йўлда ГАИ кўриб, дарҳол тўхтатди. Бунга қандай жавоб берасиз?

Тошкент шаҳридаги доимий прописка масаласи бўйича берилган саволга ИИБ Миграця ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиев: “Содда тилда тушунтирадиган бўлсак, вилоятлардан тўртта ёки учта фуқаро ўзаро келишиб, Тошкент шаҳрида бир хонали квартира олиб, шу тўрт киши ўша квартирага пропискадан ўтмоқчи.

Ўтишди ҳам, кўп бахсли ҳолатлар айнан пропискадан ўтиш жараёнида юзага келмоқда. Тошкент шаҳрига пропискага ўтиб олиш, қўпол қилиб айтганда “лазейка” бўлиб қолди”, дея жавоб берди. Балки бу сўзларда қисман жон бордир, лекин фикри ожизим ундай эмас. Тошкент – бу Ўзбекистон пойтахти!

Демак пойтахт ўз-ўзидан аёнки энг кўп қулайликлар, оддий қилиб айтганда ўқиш, ишлаш ва ҳатто яшаш учун яхши имкониятлар яратилган шаҳардир. Лекин бу дегани ҳеч нарса қилмасдан ётиб олиб яхши яшайдиган шаҳар дегани ҳам эмас-да.

Мустақил журналист сифатида “Тошкент шаҳрида доимий прописка бўлишини энг биринчи ўринда кимлар исташини биласизми?” деб савол берган бўлардим. Бундан атиги уч тўрт йил илгари ушбу масалада жуда кўплаб норозиликлар келиб чиқаётган эди, бугунга келиб бир оз енгиллашгандай бўлди-ю аммо юқорида таъкидланган сўзлардан кейин кўпчиликнинг қони қайнаган.

Мисол сифатида: Oлийгоҳни аъло баҳога тамомлаган йигит нуфузли бир ташкилотга ишга кирмоқчи бўлди, унинг ўша жойда ишлаши учун билим ва лаёқати йетарли даражада аммо, унга Тошкент шаҳрида доимий пропискангиз бўлмаса, ишга қабул қила олмаймиз деган жавоб беришди. У бир нечта жойдан ана шундай жавобни олгач, интернет орқали чет элдан ўзига мос иш қидиради ва топилгач, шартнома имзолаб жўнаб кетади.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: хориж давлатлари ҳеч қандай доимий яшаш ҳақидаги ҳужжат сўрамаса, қанча истаси ишлаши учун имкон берса-ю, ўзинг туғилган мамлакат сенинг кўкрагингдан итариб турса. Қандай кунларга қолиб кетдик?

Нима учун кучли, билимли, етук ёшлар Ўзбекистонда эмас, балки жуда ҳам узоқ бўлган Россия, Туркия, БАА ва шу синга хориж давлатиларда яшаб, ишлашни маъқул кўряпти? Жавоб: чунки ҳамманинг онгига Тошкентда ишлаш, бемалол яшаш учун доимий прописка керак, бу эса жуда қийин масала деган фикр сингиган. Тан олиб айтиш керак, вилоятларда ишчи ўринлар йетарли даражада эмас.

Олийгоҳни тугатиб ҳам ишсиз юрган ёшлар кўп. Фақат ёшлар ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Ҳар ким ўз истаганича ўзи ҳохлаган жойида яшашга ҳақли. Имконияти даражасидан келиб чиққан ҳолда албатта. Aйнан юқоридаги носоғлом фикрлар сабаб ўртада “одам ажратиш”, “табақаланиш” келиб чиқмаяптими?

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда “одам ажратиш” характери-ю “вилоятлик” каби сўзлар халқ тилида, кўча-кўйда анча оммалашган. Тошкентликлар ва вилоятликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада айнан ИИБ бўлими ходимлари ва албатта, ЙПХ ҳодимларини алоҳида эсламаслик катта хато. Гап нима ҳақида кетаётганини эса қуйидаги жумлаларни ўқимасдан тушунганлар топилади.

Тахминан бир ҳафта олдин ишга келаётиб йўлдан таксига ўтирдим. Йўл бўйлаб ҳаракатланиб келаётганда ЙПХ ходимларининг “оловли” назарига тушиб қолдик. Улар машинани тўхтатгандан сўнг, ҳужжатларни кўрсатинг дея юзланишди. Ҳайдовчи эса кутилганидек ҳамма ҳужжатларни тақдим этди.

Энди кўнглимга мени манзилимга олиб кетаётган шофёрнинг ҳужжатлари жойида бўлмасачи, деган ёмон фикр келди. Аммо, унда ҳужжат борасида ҳеч қандай камчилик йўқ эди. ЙПХ ходимидан нега тўхтатилгани сабаби сўралганда: “сиз светафорда тўхтамай ўтдингиз” дея жавоб эшитилди.

“Aхир светафорни кўрмадикку, ҳатто, биздан бошқа нечта машина тўғри шу ердан ўтиб кетганига гувоҳ бўлдик”, дея норози оҳангда ГАИга жавоб берди ҳалиги шофёр.

“Йўқ, жарима ёзаман, қоидани буздингиз”, дея мағрур бошини кўтарди ГАИ.

Ҳайдовчи: “ака мен йўлда светофорни кўрмадим, ахир қандай қилиб қоида бузаман, ёзманг жарима!”, дея илтимос қилди.

Камина ўзи кундузи фараларни ёқиб юриш, йўлларга ўрнатилган радарлар оқибатида ҳайдовчилар ҳар қадамда жарима тўлашга мажбур бўлаётганини ҳаёлимдан ўтказдим. Ҳайдовчилар ҳам одам-ку, оиласи, бола-чақаси бор. Қани эди иш-жойлари етарли, маош яхши, имкониятлар етарли бўлганда ҳеч ким ширин оромини ташлаб, ҳаётини хавф-хатарга қўйиб шу “таксичилик” қилмаган бўларди-я. Афсус... Ахир инсон ҳаётга бир марта келади.

Улар секин машинадан узоқлашди, мен нима бўлаётганини тахмин қилдим. Ҳа, албатта, иш қистир-қистир масаласига етиб келди. Инсофинга от тепгур ГАИ ҳайдовчидан 100 минг сўм пул сўрабди. Ҳайдовчи келдида машинадаги ҳамёнини олиб, ҳужжатлар орасига ўша пулни солди-ю, менга эшиттириб, “шу пулни жанозанга ишлат”, дея ўша қўштирноқ ичидаги “одам” томон қадам босди. Кейин ҳамма ҳужжатларини қайтариб олди. Сўнгра яна йўлимизда давом этдик. Ҳайдовчига савол бердим: светафор бўлмаса ҳам, унга нимага пул бердингиз. Ахир ростан ҳам у ерда светафор йўқ эди-ку?

“Эй, синглим булар ўзи шунақа вилоятликларни атайлаб тўхтатади, билмадим нега ундай қилишади экан. Тошкентга кўчиб келганимизга 8 йилдан ошди аммо пропискага ҳали ўта олмадик. Сабабини ўзингиз ҳам биласиз, бунга анчагина маблағ керак. Мушук текинга офтобга чиқмайди. Машинамнинг рақами 01 эмас водийники шунинг учун ҳам ГАИнинг кўзига биттада кўринсам керак. Ҳайрон қоламан бу рақамлар нимани ҳал қилади. Қоида бузсанг ҳам бузмасанг тўхтатаверса, жаримани истаганича ёзаверса”, дея анча ўксиниб гапирди.

Мен эса мутассадилар эса “Тошкент пропискасига ўтиш “лазейка” бўлиб қолди” дея керилиб гапиришига қойил қоламан мана шундай вазиятларда. Уларга “микрофон” бериб ўзи бекор қилдик.

Ўхшамаган сўзларни гапириб, вақтни исроф қилганга яраша долзарб бўлган брифингларда шундай норозилик ҳолатларига барҳам бериш, нафси оёғидан олдин югурадиган ходимларини тўғри йўлга солиш масалалари нима учун муҳокама қилинмаяпти?

Ҳар тарафда коррупцияга қарши кураш деб бонг уриляпти, аммо оддий бўлган йўлларни ҳар қандай йўл билан пора олишни дўндирадиган порахўрлар назорат қилмаяптими? Биз ҳозир фақат йўл ҳақида гапиряпмиз, калавани учини топадиган бўлсак, бундайлардан сон-саноқсиз учратиш мумкин. Уларни ўзимиз шу порага ўргатдик, ҳа, ўзимиз! Деярли ҳар куни ОАВда буниси бунча пора билан, униси шунча пора билан қўлга олинди деган янгиликларни ўқияпмиз, эшитяпмиз. Пора билан қўлга тушганларга оид янгиликлардан одам чарчади, ўрганиб ҳам қолдик. Бу мавзу янгилик бўлмай қолди, эскирди, сийқаси чиқди.

Микрофонда гапиришни “қойиллатадиган” раҳбарлар, мутассадиларни бир жойга йиғиб хўжакўрсинга ўтказиладиган тадбирлардан фойда қанча экан...

Ўзбекистон Республикасида яшовчи барча фуқаролар тенг ҳуқуқга эга. Одамни ёмони йўқ, одамни ёмон амали бор. Нега бир ёки икки кишининг қилган ёмон иши сабаб, қолганларни ҳам улар билан тенглаштирамиз, нега? Ёки Ўзбекистон дейилганда фақат Тошкент кўз ўнгимизда гавдаланадими. Нима учун ҳали ҳам монополия замонида яшаяпмиз, чуқур ўйлаб бир муҳим бўлган саволни бермоқчиман: “Тошкент – фақат тошкентликлар учунми?”.

Рухсора Баҳромзода

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас