Суриядан Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш ишлари давом этади

Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини Ўзбекистонга қайтариш борасидаги ишлар давом эттирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов 11 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзмоқда ЎзА.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Миллий матбуот марказида чет эл давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонга инвестиция ва технологияларни кенг жалб қилиш ҳамда туристлар оқимини янада ошириш борасидаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

Тадбирда жорий йилнинг 5 ойи давомида 8 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилгани таъкидланди. Хусусан, президент Шавкат Мирзиёев тўртта мамлакатга ташриф буюрди, шунча хорижий давлат раҳбарлари Ўзбекистонга келди.

Президентнинг январь ойида Ҳиндистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаларига, март ойида Бирлашган Араб Амирликларига, апрель ойида Хитой Халқ Республикасига ташрифлари чоғида ушбу мамлакатлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, турли соҳаларга доир ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Тадбирда ушбу келишувлар ижросининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Неъматовнинг таъкидлашича, вазирлик биринчи навбатда Ўзбекистонга чет эл сармояларини жалб этиш, мамлакат маҳсулотлари экспортини ошириш ва Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу билан бирга, Вазирлик томонидан умумий қиймати 5,25 миллиард доллар бўлган 244 та инвестицион лойиҳа ишлаб чиқилган. 1,7 миллиард долларлик 163 та лойиҳа жорий йилда, қолганлари 2020-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланган. Сўнгги 5 ой давомида мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти 30,6 фоиз ўсди. Хорижий сайёҳлар келиши ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 42 фоиз ошган.

Тадбирда хорижий давлатларга кутилаётган ташрифлар, “Дипломатик хизмат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш борасидаги ишлар давом эттирилиши ва мамлакат ташқи сиёсатига доир бошқа масалалар юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас