Эктор Купер: “Аҳмедовни ўрнини ўзгартиришга тайёрмиз”

Ўзбекистон 2-0 Сурия ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувидан кейин матбуот анжумани ташкил этилди. Унда дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Фажр Иброҳим қатнашди. 

“Ўзбекистон терма жамоасини бугунги ғалаба билан табриклайман. Биз Тошкентга бир қатор етакчи футболчиларимизни олиб келмадик. Асосан ёш футболчилар билан ташриф буюрдик. Шу сабабли бугунги ўйинда ҳимояда баъзи хатоларга йўл қўйдик. Ўзбекистон терма жамоасининг Туркия ва КХДРга қарши ўйинларини таҳлил қилиб чиққандик. Бугунги рақибимизнинг ҳимоя чизиғи кучли эканини яхши билардик. Иккинчи таймда ташаббусга эга бўлдик, лекин барибир Ўзбекистоннинг ҳимоясини ёриб ўта олмадик”, - дейди Сурия мураббийи Фажр Иброҳим.

Шундан сўнг Эктор Купер журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди. 

“Бугун ижобий натижага эришдик. Лекин ўйин давомида баъзи режаларимиз ўхшамади. Баъзи вазиятларда ўйлаб қўйган ишларимизни амалга ошира олмадик. Сентябрь ойида бошланадиган Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида бундан яхшироқ ўйин намойиш қиламиз. 

Биз йиғинга чақирилган барча футболчиларни синаб кўришга ҳаракат қилдик. Бугун кўп ҳужумлар Элдор Шомуродов орқали ташкил қилинди. Тўғри, бир футболчига боғланиб қолмаслик керак. Лекин бу самара бераётган экан, биз бундан фойдаланишда давом этамиз. 

Таркибда ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Сардоримиз Одил Аҳмедов бугун яхши ўйнади. Бу футболчининг бизга ҳали кўп фойдаси тегиши мумкин. Лекин керак бўлса Одил Аҳмедовни ҳам алмаштиришимиз мумкин. Асосий таркибда энг муносиблар майдонга тушади”, -дея гап бошлади Купер.

Танаффусдан сўнг дархол футболчи алмаштирмадингиз. Иккинчи бўлим ўртасидан бошлаб, яъни ўйин тақдири ҳал этилгач ўзгартиришларни бошладингиз. Шундай келиб чиқсак, мазкур таркиб саралаш босқичида ҳам асосий футболчилар бўлишадими?

- Албатта терма жамоанинг асоси мавжуд. Яъни терма жамоанинг асосий базаси мавжуд. Лекин доим ўзгартиришларни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Баъзида ушбу ротацияларни амалга оширадиган бўлсак, қайсидир режамиз иш бермай, ўхшамай қолиш эҳтимоли бўлади. Терма жамоанинг асоси бор, лекин келгуси саралаш босқичи доирасидаги йиғинда бошқа, янги номлар ҳам бўлиши мумкин. Буни инкор этиб бўлмайди. Ҳозирги рўйхатдаги футболчилар эса ўшанда таркибда бўлмаслиги ҳам мумкин. 

- Иккита ўйинда жамоа ютди. Яхши. Лекин ҳар иккала учрашувда жамоа бир футболчи кам ўйнамоқда. Яъни, Аҳмедовни назарда тутяпман. Одил Аҳмедов нега таркибга киритилмоқда?

- Бўлиши мумкин. Мен 25-30 йилдан буён мураббийлик қиляпман. Лекин бу мен хато қилмаслигимни англатмайди. Балки хато қилаётгандирман. Аммо сардоримиз Одил Аҳмедов терма жамоамиз ўйинига катта наф тегдирмоқда. Бизнинг таҳлилий натижаларга кўра, Аҳмедов ҳозир ҳам яхши ўйнамоқда. Лекин биз доим кузатиб борамиз ва унинг фаолиятида пасайиш бўлиши биланоқ Аҳмедовнинг ўрнини ўзгартиришга тайёрмиз.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас