Мурод Хонтўраевни пичоқлаган “қора” гуруҳ аъзоларига қандай жазо берилди?

Спортчи Мурод Хонтўраевни пичоқлаганлар “иши” тугади. Мурод қора маскалиларни “сотмади”, дея хабар бермоқда. Jahon.uz.

2018 йилнинг ноябрь ойида номаълум шахслар ўзбекистонлик ММА курашчиси Мурод Хонтўраевга ҳужум қилганлари маълум қилинган эди. Бунинг оқибатида спортчи шифохонага ётқизилган. Аниқланишича, ҳужум қилган 7 нафар инсоннинг 6 таси аввал судланган бўлган ва уларнинг барчаси қўлга олинган. Ниқобли кимсалар томонидан амалга оширилган ҳужумга сабаб спортчи уларнинг таниши Фурқат Тешабоевни AURUM 898 клуби ёнида дўппослагани бўлган.

Улар ўз ҳужумларини бир неча кун давомида режалаштирганлар, Чорсу бозоридан қора ниқоб ва махсус кийимлар сотиб олишган. Уларнинг қўлларида эса темир трубалар, пичоқ ҳамда пневматик пистолет ҳам бўлган. Суд Мурод Хонтўраевни пичоқлаган “қора” гуруҳ аъзоларига ҳукм ўқиди.

Нашрнинг ишончли манбаси қўлга киритган, дастлабки тергов органи томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида, 2018 йил 25 ноябрь куни, С.Акбаров хавфли рецидивист бўла туриб, ўзининг танишлари билан безорилик жиноятини содир этиш мақсадида, ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, 2018 йил 20 июнь куни Хонтўраев Мурод Маҳамадусмонович томонидан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчасида жойлашган AURUM 898 тунги клуби ёнида Тешабаев Фурқат Тўлқин ўғлини уриб-дўппослаб тан жароҳатини етказганлиги сабабли, ундан ўч олиш мақсадини кўзлаб жиноят содир этиш режасини тузишган.

Шайхонтоҳур туманида жойлашган Pablо кафеси ёнидаги офисга келиб, шу ердаги бильярд хонада бўлган Мурод Хонтўраев, Икром Саидов ва Салоҳиддин Зунуновни уриб-дўппослашиб, қўлларида бўлган кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган пичоқ, пластмасс труба ва темир арматура бўлакларини намойиш қилиб, қўллаб, М.Хонтўраев, И.Саидов ва С.Зунуновларга тан жароҳати етказишганлиги аниқланган. Бу иш бўйича барча жиноятчилар қўлга олинди ва уларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳукмига кўра, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Эргашов Акмал Эргашович жиноятчиларнинг барчасига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Суд мажлисида жабрланувчи тариқасида сўроқ қилинган И.Саидов зинапоядан тушаётган вақтида йиқилиб тушиб ҳушидан кетгани, ўзига келган вақтда уни олдида Миллий гвардия ходими турганини кўрганлари ва қолган воқеаларни эслай олмаслигини айтган. Шунингдек, у судланувчиларга даъвоси йўқлигини, судланувчиларга қонуний енгиллик берилишини ҳам қўшимча қилган.

Суд мажлисида жабрланувчи тариқасида сўроқ қилинган Мурод Хонтўраев сув ичиш учун хонанинг бурчак қисмига борган вақтида тўсатдан боши айланиб ерга йиқилиб ҳушини йўқотганлигини, шундан сўнг кўзини очса, шифохонада ётганлигини билганлигини, ерга йиқилиб ҳушини йўқотганидан сўнг нима бўлганлигини билмаслигини, шунинг учун айнан қандай қилиб тан жароҳати олганлигини ҳам билмаслигини, судланувчиларга даъвоси йўқлигини, судланувчиларга қонуний енгиллик беришини сўраб кўрсатув берди.

Қора маскалилар офисга кириш жараёнида ерга ётиб қолган автомашина эгасини ҳам уришган, ушбу ҳайдовчи ҳам судланувчиларга даъвоси йўқлигини, судланувчиларга қонуний енгиллик беришини сўраб кўрсатув берди. Бундай ҳолатда суд, судланувчи С.Акбаров Т.Абдулаҳатов, С.Фатхуллаев О.Садиқов, Т.Азизов, Ж.Сайназаров ва С.Ваденовларни жиноий ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси ЖК 164-моддаси 4-қисмининг “в” бандидан ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е,к” бандига, яъни “Безорилик оқибатида бир гуруҳ бўлиб, содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш” аломатларига қайта малакалашни лозим топди.

Суд судланувчи Акбаров Сардор Шакировични Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е,к” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Ўталмай қолган жазосини ҳам қўшиб, узил-кесил ўташ учун 6 (олти) йил 3 (уч) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. 

Абдулаҳатов Исломжон Қахрамон ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е,к” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 6 (олти) йил 3 (уч) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Фатхуллаев Сахил Ханлар ўғли ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е,к” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Содиқов Озод Рахматуллаевич Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е,к” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Азизов Тоштемир Бахтиёр ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е,к” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Чилонзор туман судининг 14.09.2018 йилдаги ҳукми билан тайинланган жазони ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан Т.Азизовга узил-кесил ўташ учун 6 (олти) йил 3 (уч) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Сайназаров Жамшид Бурханович ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е,к” бандлари билан айбли деб топилиб, 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ваденов Сардор Собиржон ўғли ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е,к” бандлари билан айбланиб, узил-кесил ўташ учун 6 (олти) йил 3 (уч) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Далилий ашё сифатида олинган Тошкент шаҳар ИИББ хўжалик бўлимига қарашли сақлаш хонасига топширилган “Lacetti” русумли давлат рақами 01 Р 853 ХА бўлган автомашина Хожаев Абдулазиз Абдувахадовичга, “Cobalt” русумли давлат рақами 01 H 717 VА бўлган автомашина Шамсиев Малик Умаровичга тегишли тартибда қайтарилиши ҳам суд ҳукмида қайд этилди.

Мурод Хонтўраевни пичоқлаган ниқобли кишиларнинг мақсади очиқланди

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас