Ўзбекистондаги 7 шаҳар республика бўйсунувидаги шаҳарларга айланди

Ўзбекистондаги 7 та шаҳар республика бўйсунувидаги шаҳарларга айланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.

Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарлари, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Сурхондарё вилоятининг Шарғун шаҳарчаси Республика бўйсунувидаги шаҳар ва шаҳарчалари бўлди. Бу ҳақда президентнинг 2019 йил 4 июнь куни қабул қилинган “Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5738 сонли фармонида белгиланган.

“Фармонга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида 12 та штат бирлигидан иборат Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлими ташкил этилди. Бўлим фаолияти Бош вазир томонидан мувофиқлаштирилади.

Бўлим Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарлари, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри, Навоий вилоятининг  Зарафшон шаҳри ва Сурхондарё вилоятининг Шарғун шаҳарчасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни самарали ҳал этилишини таъминлайди.

Шунингдек, шаҳарлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, инновацион фаолиятни ривожлантириш, шаҳарларни ишлаб чиқаришга жалб этилмаган резерв ва имкониятларини тўлиқ ишга солиш, шаҳарларда аҳоли даромадлари ўсишини таъминлаш каби вазифалар бўлимнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Шаҳарларни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати йиғилишларида кўриб чиқилади”, дейилади Адлия вазирлигининг Телеграмдаги “Ҳуқуқий ахборот” каналида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Тошкент вилоятининг 4та ҳудудий бирлиги вилоятдан ажратиб олингани тўғрисида хабар берилганди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас