Бош прокуратура Гулнора Каримова, Ихтиёр Абдуллаев, Саидабдулазиз Юсупов ва Қодир Юсупов иши бўйича маълумотларни ошкор қилди

Прокуратура органларининг 2019 йилнинг ўтган беш ойи давомидаги фаолияти натижаларига бағишланган матбуот конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида прокуратура органларининг 2019 йилнинг ўтган беш ойи давомидаги фаолияти натижаларига бағишланган матбуот конференциясида ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев, Олий суд раисининг собиқ биринчи ўринбосари Баҳодир Деҳқонов, Гулнора Каримова, Қодир Юсупов, Саид-Абдулазиз Юсупов бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
 
Бош прокурор ўринбосари Э.Йўлдошевнинг қайд этишича, Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси И.Абдуллаев ва унинг шерикларига, шунингдек, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Б.Деҳқоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу жараён давлат сири билан боғлиқ бўлгани учун ёпиқ ҳолда давом этмоқда.
 
Г.Каримова айни пайтда жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтамоқда. Унинг хорижга олиб чиқиб кетган маблағларини қайтариш бўйича ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ нормалари асосида амалга оширилмоқда. Унинг саломатлиги бўйича муаммолар йўқ.
 
Қ.Юсупов жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда.
 
С.Юсупов иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. С.Юсупов фирибгарлик бўйича айбланмоқда. Ўзини ДХХ ходими, деб таништириб, кўп миқдорда пул ундиргани бўйича маълумотлар бор. Унга жисмоний ва руҳий босим ўтказилгани бўйича билдирилаётган фикрларда асос йўқлиги айтилди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас